Англиянинг «Манчестер Юнайтед» футбол клуби учун 34 миллион еврога тушган Мемфис Депай фаолиятини Франциянинг «Лион» клубида давом эттиради. Футболчи лионликлар билан 2021 йилнинг ёзига қадар бўлган шартномага имзо чекди, деб хабар қилди «Sports.ru».
22 ёшли голландиялик футболчи «Юнайтед» сафида кутилган ўйинни намойиш қила олмади. Луи Ван Гал даврида Манчестерга келиб қолган йигит, ўзидан аввал машҳур футболчилар тўп сурган 7-рақамни танлаганди. Бироқ унинг босимига дош бера олмади. Сир эмаски, бу рақам ўз вақтида Эрик Контана, Дэвид Беҳэм, Криштиану Роналду каби футболчиларга тегишли бўлган.
Депайни харид қилишдан «Манчестер Юнайтед» зарар кўрди дейиш мумкин. 34 миллион сарф этилган футболчини қўлга киритиш «Лион»га 16 миллион еврога тушди. Яна 9 миллион футболчининг кейинги фаолиятига қараб, бонус сифатида Англия клубига ўтказиб берилиши мумкин.
Мемфисни Манчестер клубига сотган «ПСВ» янги трансфердан 600 минг евро ишлаб олган.
Изоҳ (0)