Италиянинг 18 январь куни қор кўчкиси остида қолган Rigopiano меҳмонхонасидаги қидирув-қутқарув операцияси чоғида тирик қолган саккиз жабрланувчи, шу жумладан, икки бола топилди. Бу ҳақда, ANSA агентлигига асосланиб, Meduza хабар бермоқда.
Агентлик маълумотига қараганда, вайроналар остидан чиқариб олинган жабрланувчиларнинг аҳволи яхши. Улар вертолётда олиб кетилди.
Дастлаб олти киши тирик қолгани хабар қилинган эди, айни пайтда қутқарилганларнинг сони саккиз нафарга етди.
Бундан ташқари, тўрт мурда топилди. 20 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
18 январь куни Италия марказидаги тоғларда жойлашган Rigopiano меҳмонхонаси қор кўчкиси остида қолиб кетди. Бинода, дастлабки маълумотларга қараганда, 30 га яқин одам бор эди. Об-ҳаво шароитлари ёмонлиги туфайли қутқарувчилар гуруҳи меҳмонхонага 19 январнинг эрталабки соатларида етиб бора олди. Улар кўчки тушган пайти меҳмонхона ташқарисида бўлган икки кишини топди, сўнг қутқарув ишларига киришиб кетди.
Изоҳ (0)