Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг «Манас» аэропортида ҳалокатга учраган, Туркия авиакомпанияларидан бирига тегишли Boeing 747 самолёти транзит рейсини амалга ошираётган эди ва маҳаллий аэропортда юк тушириш ҳуқуқига эга эмас эди. Бу ҳақда аэропорт раҳбари Эмир Чуқуев баёнот берди, деб хабар қилади «РБК».
Илгарироқ Қирғизистоннинг «Ота Макон» мухолиф партияси етакчиси Ўмурбек Текебаев самолёт бортида контрабанда юки бўлганини хабар қилган эди.
Журналистларнинг шу ҳақдаги саволига жавоб бераркан, Чуқуев самолёт «Манас»да юк тушириш ҳуқуқига эга бўлмаганини таъкидлаб ўтди.
«Самолёт экипажининг бу ерда тижорий мақсадлари йўқ эди», — деди у.
Қирғизистон ички ишлар вазири Алмазбек Ўрозалиев, ўз навбатида, ҳалокат жойида 300 килограмм юк топилганини маълум қилди. Тергов якунланганидан сўнг юк Туркиядаги эгаларига қайтарилади.
Изоҳ (0)