14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида кун тартибини муҳокама қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, қатор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари эшитилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Йўл қўйилган хатолар ва камчиликлар, ташаббуссизлик учун айрим раҳбарлар уларни бартараф этиш ҳамда республика иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларни янада жадал ривожлантириш бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали ижросини таъминлашда шахсан жавобгар эканликлари ҳақида огоҳлантирилди.
Ўтказилган мажлис якунлари бўйича мамлакат Президенти томонидан ҳукумат, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар раҳбарлари олдига қуйидаги аниқ устувор вазифалар ва талаблар қўйилди:
биринчи — 2017 йилги иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
иккинчи — иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва республика ҳудудларида ишларнинг ҳолатини тизимли танқидий таҳлил қилиш ва шу асосда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ҳамда устувор вазифаларига тегишли тузатишлар киритиш;
учинчи – якуний иш натижалари, қаттиқ интизомга риоя қилиш ҳамда тобора ортиб бораётган замонавий талабларга мувофиқ бошқарув тизими самарадорлигини кучайтириш борасида раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини ошириш.
Муҳокама якунлари бўйича республика ҳукумати қарори қабул қилиниб, 2017 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Изоҳ (0)