2016 йилги мавсумни Тошкентнинг «Локомотив» клуби сафида ўтказган Сервер Жепаров фаолиятини форс чемпионатида давом эттириши ҳақида «темирйўлчилар» матбуот хизмати хабар берганди. «Championat.asia» нашри маълумотига кўра, Жепаров «Истиқлол» клуби билан шартнома имзолаган.
Ўз чемпионатида 5-ўринни эгаллаб турган «Истиқлол» Жепаровни 1,5 йиллик шартномага кўндирди. Унга кўра Ўзбекистон терма жамоаси вице-сардори шу мавсум сўнггига қадар «Истиқлол»нинг чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиши учун ёрдам беради. Келаси мавсум эса теҳронликлар шарафини тўлиқ ҳимоя қилади.
Келишувга кўра, Сервер Жепаров олдиндаги ярим йиллик учун 150 минг АҚШ доллари миқдорида маош олади. Кейинги 1 йили учун эса «Истиқлол» 350 минг доллар тўлаб беради.
Бугун — 15 январь куни Жепаров «Истиқлол»да тиббий кўрикдан ўтмоқда. Шундан кейингина келишув бандлари акс этган шартномага имзо чекади.
Маълумот учун, Сервер Жепаров профессионал футболчилик фаолиятини Наманганнинг «Навбаҳор» клубида бошлаган бўлиб, кейинроқ пойтахтнинг уч гранди — «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив» клублари сафида мамлакат чемпионлигини қўлга киритган.
Жепаровнинг хориж чемпионатларидаги иштироки ҳам қониқарли бўлган. У аввалига Жанубий Кореянинг «Сеул» клуби билан, кейинроқ эса Саудиянинг «Аш-Шабаб» жамоаси билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. «Пахтакор» ва «Бунёдкор» клублари билан Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалига қадар етиб борган, «Локомотив»нинг эса шу мусобақа чорак финалида тўп суриши учун ҳисса қўшган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)