2016 йилнинг апрель ойида Швеция енгил атлетика терма жамоаси бош мураббийи Улф Карлссон мамлакатнинг энг яхши футболчиси Златан Ибраҳимовични допинг истеъмол қилганликда айблаганди, деб ёзди «Sports.ru».
Мутахассис иддаосига кўра, Ибраҳимович «Ювентус» шарафини ҳимоя қилаётганида мускулларини 10 килограммгача шишириш мақсадида допингдан фойдаланган. Қайд этиш керак, Златан 2004—2006 йилги мавсумларда Турин клубида тўп сурганди.
Айбловдан сўнг Златан Ибраҳимович Швециянинг Вермланд округ судига даъво аризаси топширган. Суд эса ўз қарорини 2017 йилнинг январь ойига келибгина ўқиб эшиттирди. Унга кўра, Карлссон қаттиқ туҳмат қилганликда айбланди ва 24 минг швед крони (2,5 минг евро) миқдорида жаримага тортилди.
Маълумот учун, Ибраҳимович «Манчестер Юнайтед» аъзоси бўлиб, ярим мавсумнинг ўзидаёқ шу клубнинг ўтган мавсумдаги тўпурари урган жамики голдан кўпроқ гол киритишга муваффақ бўлди.