Франциянинг L’Equipe нашри Европада энг катта маош олувчи мураббийлар рейтингини тузиб чиқди. Уни «Барселона» клуби устози Луис Энрике бошқариб турибди, деб ёзди «Sports.ru».
Испаниялик мутахассис «Барселона»га устозлик қилаётгани учун ҳар ой 1,56 миллион евро маош олади. Бунда унинг пуллари солиқлардан ташқари экани ҳам кўрсатилган.
Кучли учликдан Манчестер шаҳри титанларини бошқариб бораётган Хосеп Гвардиола ва Жозе Моуриньо ўрин эгаллади. «Манчестер Сити» испаниялик мураббийнинг хизматлари учун ҳар ой 1,48 миллионлик чиқим қилади. «Юнайтед» эса португалиялик мутахассисга ҳар 30 кунда 1,36 миллион тўлайди.
Мадриднинг «Реал» клубига устозлик қилаётган, жамоаси билан қисқа вақт ичида Европа Чемпионлар Лигаси ва клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида зафар қучган Зинедин Зидан бешликка ҳам кира олмади. «Қироллик клуби»дан ойига 449 минг евро оладиган Зидан 9-поғонада қайд этилган.
Қизиқ томони, Зидан Луис Энрикедан 3,5 баробар кам маош олади. Ҳар икки мутахассис мураббий сифатида бунга қадар икки бор тўқнаш келган бўлиб, шуларнинг биттасида Зидан муваффақият қозонган, яна биттасида ғолибни аниқлаб бўлмаган. Айни вақтда Зидан бошқарадиган «Реал» Ла Лигада «Барселона»ни ортда қолдирмоқда.
Айтиб ўтилган кучли бешликни «Бавария» ва «Арсенал» устозлари якунлади. Карло Анчелотти Бундеслига клубидан роппа-роса 1 миллион евро ишлаб топади. Венгернинг Лондон клубидаги ойлиги эса 820 минг еврога тенг. Маълумот учун, Европа Чемпионлар Лигасининг 1/8 финалида айнан шу мураббийлар ўзаро тўқнаш келади.
Ўнталикдан, шунингдек, Диего Симеоне (770 минг), Юрген Клопп (692 минг), Антонио Конте (641 минг) ва Унаи Эмери (420 минг) жой олган. «Ювентус» Массимилиано Аллегрига 415 минг, «Боруссия Дортмунд» эса Томас Тухелга 340 минг евро тўлаши аниқланган.
Изоҳ (0)