Швейцариянинг Монтрё шаҳрида 20 декабрь куни Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) Ижроқўми ва Конгрессининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир давомида янги ислоҳотлар ва Токио–2020 ўйинлари олдидан олимпия цикли тақвими тасдиқланди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».
Ўзбекистон бокс федерацияси номидан йиғилишда ташкилот вице-президенти, AIBA Ижроқўми аъзоси, Осиё бокс федерацияси вице-президенти Шерзод Тошматов қатнашди.
Йиғилиш якунида 2019 йилги жаҳон чемпионатини қўшма тарзда, яъни, эркаклар ва аёллар ўртасида биргаликда ўтказишга қарор қилинди. Янги ислоҳот тижорий имкониятларни оптималлаштириш ҳамда эркаклар ва аёллар ўртасида жаҳон чемпионатини ўтказишга имконият яради.
2019 йилга қадар жаҳон биринчиликлари алоҳида ўтказилади. Эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2017 йили Гамбург шаҳри (Германия)да, аёлларники 2018 йили Ханти-Мансийск шаҳри (Россия)да бўлиб ўтади.
AIBA Ижроқўми ҳаваскор боксдаги ҳакамлик борасида ҳам янги ислоҳотларни тасдиқлади. Ҳакамлар беллашувга комиссия томонидан эмас, электрон тизим орқали тайинланади. Ғолибни аниқлаш учун эса барча 5 нафар ҳакамнинг карточкалари инобатга олинади.
Бундан ташқари, низом, AIBA техник қоидалари ва Олимпия бокси (АОБ) қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда фақатгина боксчилар, секундант ва ҳакамлар учун муҳим бўлган ҳамда мухлислар учун тақиқланган Field of Play зонаси кичикроқ бўлади. Демак, мухлислар беллашувни яқинроқдан томоша қила олади.
Шунингдек, шу кунларда 70 йиллигини нишонлаётган AIBA’нинг аъзолигига Ҳиндистон, Мальта ва Сен-Мартен киритилди. Бундан ташқари, Гуам, Ангилья ва Ливиянинг ташкилотга аъзолиги тикланди.
Қайд этиш жоиз, AIBA 2017 йилни Африка йили, 2018 йилни эса Кариб ҳавзаси мамлакатлари йили деб эълон қилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)