Африка Футбол Конфедерацияси 2016 йилнинг энг яхши африкалик футболчиси номига даъвогарлик қиладиган уч нафар номзод номини ошкор қилди.
Бу йўлда Дортмунднинг «Боруссия» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Пьер-Эмерик Обамеянг (Габон), «Ливерпуль» аъзоси Садио Мане (Сенегал) ва «Лестер»нинг жазоирлик футболчиси Риёд Маҳрез рақобатда бўлади.
Германия Бундеслигасида тўп сурадиган Пьер-Эмерик Обамеянг янги мавсумдаги 15 та ўйинида 16 та гол уришга муваффақ бўлди. У ўтган мавсум жамоаси учун жами 49 та беллашувда майдонга тушиб, 39 та гол урганди.
Садио Манега Обамеянгнинг собиқ устози Юрген Клопп мураббийлик қилмоқда. Футболчи жорий мавсум «Ливерпуль» сафида 16 та ўйинда майдонга тушди ва 8 та гол урди. Ўтган мавсумни «Саутгемптон» сафида ўтказиб, 37 та ўйинда 11 та гол ургани «Ливерпуль» раҳбариятининг эътиборини ўзига тортганди.
Ва ниҳоят жазоирлик Риёд Маҳрез ҳақида. Унинг «Лестер»и ўтган мавсум Англия чемпионлигини тантана қилди. Риёд мавсум давомида Премьер-Лига доирасида 37 та ўйин ўтказиб, 17 та гол урди. Жорий мавсум эса 17 та ўйинда уч бор муваффақият қозонди.
Африка Футбол Конфедерацияси маълумотига кўра, 2016 йилнинг энг яхши футболчиси номи 5 январь куни эълон қилинади. Маълумот учун, Африкада кетма-кет 4 йил Яя Туре энг яхши футболчи деб тан олинганидан кейин, 2015 йил бу соврин Пьер-Эмерик Обамеянгга насиб қилганди. Ўтган мавсум Яя Туре иккинчи, Андре Айю учинчи бўлган.
Изоҳ (0)