Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу мамлакат ҳаво-космик кучлари Сурияда 19 минг ҳарбий парвозни амалга ошириб, 35 минг жангарини ҳамда 1,5 минг техника бирлигини йўқ қилганини айтиб ўтди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
«725 машғулот лагери, ўқ-дори ишлаб чиқарувчи 405 завод ва устахона, террорчиларнинг 1,5 минг техника бирлиги, 35 минг жангари, шу жумладан, 204 дала командири йўқ қилинди», — деди у мудофаа вазирлиги коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида.
Шойгунинг айтишича, Россия самолётлари амалга оширган 18800 парвоз давомида жами 71 минг зарба берилган.
«Жиноий гуруҳлардан 448 танк ва бошқа ҳарбий зирҳли машина, 57 реактив ўт очиш тизимлари, 418 қўлбола реактив ўт очиш тизими, 410 миномёт ва 28 мингдан ортиқ ўқотар қурол бирлиги мусодара этилди», — қўшимча қилди Россия мудофаа вазири.
Изоҳ (0)