Олимлар ҳомиладор аёллардаги ҳомилани ўраб турувчи сув (амниотик суюқлик)дан тана ҳужайраларини ажратиб олиб, суяк тўқимаси ҳосил бўлиши билан боғлиқ касалликка чалинган кемирувчиларга инъекция қилди. Бир неча ойдан сўнг ҳайвонларнинг суяклари «ёшариб», мустаҳкамроқ ва эгилувчанроқ бўлди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Лондон университети коллежи профессори Паскаль Гийо ва унинг ҳаммуаллифлари сўзларига кўра, амниотик суюқлик тана ҳужайраларини нафақат кекса кишилар, балки узоқ вақт вазнсизлик ҳолатида бўлиши оқибатида, таянч аппарати жиддий зарар кўрадиган космонавтларга нисбатан ҳам қўллаш мумкин бўлади.
Тажрибада фойдаланилган кемирувчилар номукаммал остеогенез ва суякларнинг ўта синувчанлигига олиб келадиган камёб ирсий касалликка чалинган бўлиб, бу оддий соғлом одамларда қарилик остеопорози юзага келадиган механизм билан қарийб бир хилдир.
Муаллифлар қўшимча қилишича, одамнинг тана ҳужайралари сичқонларда ўз-ўзидан янги тўқимани ҳосил қилмаган бўларди. Аммо улар жонивор организмида ажратиб чиқарган тартибга солувчи омиллар иммунитетга катта юк ортмаган ҳолда, унинг ўз ҳужайралари ўсиши ва бўлинишини тезлаштирган.
Изоҳ (0)