Туланинг «Арсенал» жамоаси фан-клуби раҳбари Сергей Горбачёв Франция қамоқхонасидан озод этилганига қарамай, 16—17 январь саналарига қадар уни қамоқда олиб қолишларини сўраб, мурожаат қилди. «ТАСС» маълумотига кўра, Горбачёв бошқа бир россиялик маҳбус Михаил Максимовни Франция қамоқхонасида ёлғиз қолдиришни истамаган.
Футбол бўйича Евро—2016 вақтидаги тартибсизлик сабаб Франция ҳукумати бир қатор россиялик мухлисларни ҳибсга олган бўлиб, шуларнинг 3 нафарини озодликдан маҳрум қилганди. 21 декабрь куни Марсель шаҳри суди россиялик футбол мухлисларини шартли равишда озодликка чиқариш ҳукмини ўқиди.
Унга кўра, Сергей Горбачёв ва «Динамо» фан-клубига бошчилик қиладиган Николай Морозов янги йилга қадар Франциядан Россияга депорт қилиниши керак бўлса, «Локомотив» фан-клуби раҳбари Алексей Ерунов январь ойининг ўрталарига қадар ҳибсда бўлиши керак эди. Горбачёв эса дўстини ёлғиз қолдиришни истамаган.
«Сергейни янги йилга қадар қўйиб юборишлари керак эди. Бироқ у дўсти Алексейсиз қайтмаслигини билдириб, ўз хоҳишига кўра муддат сўради ва уни Алексей билан бир вақтда қўйиб юборишларини илтимос қилди. Суд илтимосни қабул қилди ва улар Россияга бирга қайтадиган бўлишди», — деб маълумот берган «Арсенал» клуби мухлисларига етакчилик қилаётган Михаил Максимов.
Маълумот учун, Евро—2016 доирасида бўлиб ўтган Россия ва Англия учрашувидан кейин Франция полицияси россиялик 43 нафар мухлис жой олган автобусни қўлга олганди. Тартибсизлик келтириб чиқаришда гумон қилинганлардан 20 нафари қўйиб юборилган, яна 20 нафари Франциядан депорт қилинганди.
Кейинроқ суд Еруновни 2 йил муддатга, Горбачёвни 1,5 йил ва Морозовни 1 йилга озодликдан маҳрум қилиш қарорини чиқарди. Апелляция сабаб суд кейинроқ жазо муддатини қисқартирганди.
Изоҳ (0)