2004 йилда АҚШнинг Жоржия штатида ўз исми, оиласи бор-йўқлигини эслай олмайдиган, ўз ўтмиши ҳақида чала-чулпа хотираларга эга 50 ёшли одам топилди, деб ёзади Meduza. У кимлигини аниқлашга ўн йилдан ортиқ вақт кетди — бу вақт ичида эса эркакнинг тўлиқ янги шахсияти пайдо бўлишга улгурди.
Burger King ресторани ахлатхонасидан топилган одамга Б. К. (Burger King бош ҳарфлари) деб ном беришди. Уни касалхонага элтишди. Катарактани ҳисобга олмаганда, унинг соғлиғи жойида эди. У сўнгги 17 йил давомида ўрмонда яшаганлигини айтди. У ўзи ҳақида деярли ҳеч нарса айтиб бера олмади, аммо сўнгги тарихий воқеалар ва дунёнинг қандай тузилгани ҳақида хабардор бўлиб чиқди.
Бироқ у хотирасига таяниб, Индианаполисда туғилгани, уч ака-укалари борлигини ва 1948 йил 29 августда туғилганлигини айтди. Б. К. ўзига Бенжамин Кайл деб янги исм танлади.
Полиция, журналистлар, ФҚБ, одамларни қидириш бўйича экспертлар, хусусий детективлар — ҳеч ким эркакка ёрдам бера олмади. Кайлнинг мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай далил топилмади. Унинг бармоқ излари ФҚБ базалари йўқ бўлиб чиқди, у ҳақда на Интерполда, на гувоҳларни ҳимоя қилиш дастурида билишмасди. Уни телевизор орқали кўп кўрсатишди, матбуотда тез-тез ёзишди — бироқ уни ҳеч ким танимади.
Кайлни касалхонадаги ҳамшира Слейтер ўз уйига олиб кетди ва унга ёрдам бериш учун «генеалогик детектив» Коллин Фитцпатрик билан боғланди. У ДНК маълумотлари базаларидан фойдаланиб, одамларга уларнинг оилалари тарихини билиб беради. У Кайл Пауэлл фамилияли катта оила билан қандайдир тарзда боғлиқлигини аниқлади, аммо Кайл тўсатдан у билан алоқани узди.
Бундан шубҳаланган, шунингдек, Кайлнинг феъл-атворидан чарчаган Слейтер уни уйидан чиқариб юборди. У пиёда жанубга қараб юриб, Флориданинг Жексонвилл шаҳрига келди. У ерда маҳаллий ресторанлардан бирининг хўжайини Жош Шрутт унга бошпана ва иш берди. Аммо бироз вақтдан сўнг уларнинг алоқалари ёмонлашди, Шрутт Кайл ҳақиқатан ҳам ҳеч нарсани эслай олмаслигига шубҳа қила бошлади.
Активист Сиси Мур — Фитцпатрикнинг ҳамкасби ҳам ДНК таҳлили орқали Кайлнинг қариндошларини қидиришга интилди. 2015 йил июнида бунга муваффақ бўлди ҳам.
Кайлнинг асл исми Уилльям Бержесс Пауэлл бўлиб чиқди. У 1948 йил 29 августда Индианаполисда туғилгани, уч акаси борлиги рост бўлиб чиқди, Унинг отаси кўп ичар ва болаларини савалар эди. Шу туфайли Уилльям 16 ёшида уйидан қочиб кетади ва турли жойларда майда ишларда ишлаб, 1976 йилда эса изсиз йўқолади: унинг оиласи шундай деб ўйлайди, аслида эса у оиласи билан ҳар қандай алоқани узиб, ўз-ўзича яшаб юради.
Пауэлл билан боғлиқ ушбу ҳолат камёб бўлиб, уни шифокорлар диссоциатив амнезия деб атади: улар ўзларининг аввалги шахсиятини бутунлаб ортда қолдириб, ўзларига янги шахсни ўйлаб топади.
Уилльям Пауэлл 1983 йилдан Burger King ахлатхонасидан топилгунига қадар бўлган 20 йил давомида қаерда бўлгани ва нима билан шуғуллангани ҳалигача номаълум бўлиб қолмоқда.