Аргентина ва Буюк Британия ҳукумати Фолкленд урушида ҳалок бўлган аскарлар идентификацияси билан шуғулланувчи суд тиббий экспертлари гуруҳини ташкил этишга келишди. Бу ҳақда 9 декабрь, жума куни Аргентина Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Икки мамлакат вакилларининг 8—9 декабрь кунлари Женевада бўлиб ўтган учрашувида юқоридаги келишувга эришилди.
Эришилган келишувга кўра, Қизил Хоч халқаро қўмитаси суд тиббий экспертлар гуруҳини ташкил этиб, унинг таркибига шахси аниқланмаган аскарлар ДНКсини тўплаш мақсадида икки нафар аргентиналик эксперт киритилади. Шундан сўнг улар ўз ихтиёри билан идентификацияга розилик берган оилалар томонидан тўпланган намуналар билан таққосланади.
Аргентина ташқи ишлар бошқармасининг маълум қилишича, экспертлар 2017 йилда идентификацияни бошлаши мумкин.
Фолкленд ороллари деярли 200 йилдан буён Аргентина ва Буюк Британия ўртасидаги тортишув сабабчиси бўлиб келмоқда. 1982 йилнинг апрелида икки мамлакат ўртасида қисқа уруш бўлиб ўтган эди. Унда Аргентина мағлуб бўлиб, 649 нафар ҳарбий хизматчисини йўқотди. Британия томонининг йўқотишлари 255 кишини ташкил этди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)