Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия шимолида ИШИД террорчи гуруҳининг ўнта объектини йўқ қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Ўз навбатида, Сурия мухолифатининг қуролли гуруҳлари Туркия армияси кўмагида ал-Боб ва Манбиж шаҳарлари орасидаги стратегик аҳамиятга эга транспорт узелини назорат остига олди.
Айни пайтда мухолифат кучлари ал-Боб шаҳрини қамал қилмоқда. Шаҳар ИШИДнинг Алепподан шимолдаги охирги таянчи ҳисобланмоқда.
Илгарироқ Туркия операция контингентини кучайтириш мақсадида Сурияга 300 нафар махсус бўлинма жангчиларини юборгани маълум бўлди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)