Осиё Футбол Конфедерацияси қитъа клубларининг энг нуфузли мусобақаси — Осиё Чемпионлар Лигасининг мукофот пулларига бироз ўзгартириш киритди. Бу ҳақда «Championat.asia» маълумот берди.
Бунга қадар турнир гуруҳ босқичидаги ҳар бир ғалаба учун 40 минг АҚШ доллари тўланган бўлса, 2017 йилдан бошлаб бу кўрсаткич 50 мингга қадар оширилган.
Дуранг учун илгари 20 минг доллар берилган бўлса, унинг миқдори энди камайган — 10.000$.
ОФК, шунингдек, жамоаларнинг сафар ҳаражатлари учун бериладиган пулни ҳам камайтирди. Ҳозирга қадар ҳар бир ўйин сафари учун клуб ҳисоб рақамига 34.200 доллар келиб тушган бўлса, янги йилдан бошлаб бу нақд 30.000 ни ташкил қилади.
Маълумот учун, Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида сўнгги икки мавсум Ўзбекистондан 4 тадан клуб иштирок этганди. 2017 йил эса фақатгина «Локомотив»да шундай ҳуқуқ бор. «Бунёдкор» ва «Насаф» гуруҳ босқичида иштирок этиш учун плей-офф ўйинларидан ўтиб бориши керак бўлади.
Изоҳ (0)