АҚШнинг Apple корпорацияси Калифорния штати ҳукуматига атроф муҳитни ифлослантириш билан боғлиқ айбловларни бекор қилиш учун 450 минг доллар товон пули тўлайди. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар бермоқда.
Айтилишича, Apple 2011–2012 йилларда Купертино шаҳрида электрон ускуналар утилизацияси корхонасининг оператори бўлган. Кейинчалик объект Саннивейл шаҳрига кўчирилиб, 2013 йили бутунлай ёпилган. Купертино ва Саннивейл шаҳарларида миллион тонна турли-туман электрон ускуналар, жумладан, батареялар қайта ишланган. Аммо бунинг оқибатида атрофга оғир чиқиндилар, масалан, металл чанглари тарқалган.
Расмийлар ўз вақтида йўл қўйилган хатолардан огоҳлантирилмаган. Бундан ташқари, Apple қайта ишлаш корхонасининг кўчирилиши борасида ҳам ҳукуматни хабардор қилмаган.
Компания кўрсатилган суммани тўлашга рози бўлди, бундан ташқари, қўшимча хавфсизлик чораларини кўришга ваъда берди. Бунинг эвазига штат ҳокимияти ўз эътирозларини суддан қайтариб олади.
Изоҳ (0)