3 декабрь куни бўлиб ўтган «Барселона» ва «Реал» клублари ўртасидаги беллашувни томоша қилиш учун ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳам Каталонияга ташриф буюрди. Бу ҳақда «Championat.asia» вакили Нодирхўжа Йўлдошев ўз очеркида қайд этди.
Унинг ёзишича, «Эль-Класико»га чипта харид қилган 3 нафар ўзбекистонлик стадионга киритилмаган. Уларнинг сотиб олган чиптаси сохта бўлиб чиққан.
Европада чипталарни интернет орқали сотиб олиш мумкин. Бунда мухлисга махсус штрих код берилади. Сохта чиптачилар эса бир киши кириши мумкин бўлган кодни бир нечта қоғозга чиқариб олиб, пуллаб юбориши мумкин.
Ўзбекистонлик 5 нафар мухлис касса нархи 320 евро бўлган чиптани келишиб, 5 тасини 1000 еврога сотиб олган. Шуларнинг 3 таси эса якунда қалбаки бўлиб чиққан.
Таваккал қилишни истамаган қолган ўзбекистонликлар чиптани кассанинг ўзидан 192 еврога сотиб олган. Вақтлироқ ташриф буюрилганида, 90 евролик чипталарни ҳам харид қилиш мумкин бўлган.
Изоҳ (0)