Хонанда Қиличбек Мадалиев 1—2 декабрь кунлари Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройида «Ошиқлигимни айтинг» деб номланган концерт дастурини тақдим этди. Дастурнинг биринчи кунида меҳмон бўлган журналист Феруз Муҳаммад концерт таассуротлари билан ўртоқлашди.
Концерт бериш борасида уч йил танаффус қилган хонанда дастурни «Ўзбекистон — ўз йўлидан қайтмас Ватан» деб номланган таронаси билан бошлади. Дастурни машҳур радиобошловчи Акмал Мирзо олиб борди.
Уч бўлимга бўлинган дастурнинг биринчи бўлимида еттита тарона куйланди. Дастурнинг илк бўлимида шоир Иқбол Мирзо қаламига мансуб, дастурга номи берилган «Ошиқлигимни айтинг» таронаси ҳамда кетма-кет «Ойни ололмай», «Дўстим», «Тассаввур қил», «Ҳабибим» ҳамда «Дадамнинг мухлислари» каби қўшиқлар куйланди. Мазкур тароналарнинг ҳар бири мухлислар томонидан гулдурос ва давомли қарсаклар билан кутиб олинди.
Ушбу бўлимда хонанданинг дадаси ва устози Оҳунжон Мадалиевнинг архив видеоси катта монитордан кўрсатилди. Унда хонанда Оҳунжон Мадалиев: «Сиз, азиз мухлисларимизга, бошимиз ерга теккунча таъзимдамиз! Ўтган йили концерт берамиз деб, концерт бера олмадик. Ойлар, йиллар ўтаверар экан, сиз билан дийдор кўришмаганимизга ҳам анча вақт бўлибди», мазмунидаги гапларни айтган эди.
Бу видеолавҳа мухлисларнинг кўзларини ёшлатди. Хонанда ҳам кўзида ёш билан, мухлисларга қараб: «Қаранг, биз ҳам сиз азиз мухлисларимиз билан анча вақт дийдор кўришмапмиз. Дадамнинг сўзлари бугунги дастуримда қалбимдаги сўзларга уланиб кетди», дея, уни танитган «Дададмнинг мухлислари» қўшиғини жонли ижрода куйлади. Қўшиқ нақоратига мухлислар ҳам жўр бўлди.
«Дадамнинг мухлислари» қўшиғидан сўнг, «Бир умр куйлайман еткунча кучим, Дадамни соғинган мухлислар учун» сўзлари қатнашган янги хотира-қўшиқ ҳам мухлислар томонидан жуда яхши кутиб олинди.
Биринчи ва иккинчи бўлим ўртасида Оҳунжон Мадалиевнинг жияни Нодир Холбоев чиқиш қилди. Хонанда Нодир Холбоев Оҳунжон Мадалиевнинг «Сени ҳеч ким севолмайди менингдек» қўшиғини ва ўзининг янги таронасини мухлислар эътиборига ҳавола қилди.
Дастурнинг иккинчи бўлими мухлисларнинг ёдидан узоқ вақт чиқмаслиги аниқ. Чунки ушбу бўлимда эсда қоларли воқеалар, қўшиқлар жуда ҳам кўп бўлди. Бўлимдаги «Чин севги», «Шаҳнозахон келдилар» каби дилрабо тароналардан сўнг куйланган «Тўхтахон» қўшиғи дастурга ўзгача файз берди.
Бизнингча, шу вақтгача ҳеч бир хонанда кутубхоначи опасига бағишлаб қўшиқ куйламаган бўлса керак. Тахминимизча, «Тўхтахон» бу борада биринчи бўлди. Хонанда бир воқеани айтиб берди: «Бир куни кутубхонага кирсам, кутубхоначи опа: ‘Қиличбек, мен отангизнинг ижодини жуда ҳурмат қиламан, уларнинг қўшиқларини севиб тинглайман. Сизнинг ижодингизни ҳам жуда ҳурмат қиламан. Шу вақтгача деярли барча қизларнинг исмига қўшиқ куйланган, аммо менинг исмимга атаб умуман қўшиқ айтилмаган’, деб қолди. Уларнинг гапи хаёлимдан чиқмади ва айнан уларнинг исмларига атаб қўшиқ ёзишга қарор қилдим».
Мухлислар орасида Қиличбекнинг кутубхоначи опаси ҳам бор экан — кутилмаган қўшиқдан ҳайратда қолган кутубхоначи Қиличбекка бир даста гул совға қилди. Санъат йўналишида таҳсил олаётган хонанданинг курсдошлари ушбу қўшиққа жамоа бўлиб рақсга тушди.
«Она» деб номланган ажойиб таронани куйлагандан сўнг хонанда ўзи тайёрлаган гулдастани онасига совға қилди. Хонанданинг таъкидлашича, айнан онасига гул совға қилиш учун гул ясатишни ва гулчиликни ўрганибди.
Дастурда куйланган «Йўл бўлсин», «Кулди баҳор» ҳамда «Нилуфар» каби қўшиқлар ҳам яхши кутиб олинди. Бу қўшиқларга мухлислар зал йўлакларини тўлдириб рақсга тушди.
Хонанда Қиличбек Мадалиев актриса Шахзода Муҳаммедова билан биргаликда куйлаган қўшиғи эса концертнинг энг кутилмаган жиҳатларидан бўлди. Шу вақтгача дуэт куйламаган хонанда нега айнан актриса Шаҳзода Муҳамедова билан бирга қўшиқ куйлагани сабаби номаълум, бироқ улар куйлаган тарона мухлисларга маъқул келганини уларнинг қарсакларидан англаб олиш мумкин эди.
Дастурга режиссёрлик қилган қизиқчи ва бошловчи Аброр Бахтиёрович дастурда ўзи ҳам чиқиш қилди. Унинг Олим Ака билан тайёрлаган ҳазиллари мухлисларга хушкайфият улашди. Оилавий ҳазиллар ва чиқишлар давомли қарсаклар билан тақдирланди.
Дастурнинг сўнгги бўлими Оҳунжон Мадалиевнинг «Сени бугун кўрмасам бўлмас» деб номланган қўшиғи билан бошланди. «Фироқингда», «Алдадими», «Кўнглимда бир ёр», «Шаҳзоданингни кут», «Моҳичеҳра», «Йигитларни эъзозланг», «Ватан» каби қўшиқлар сўнгги бўлимга алоҳида зеб берди.
Дастурнинг бироз кеч бошланганини ҳисобга олмаганда, Қиличбек Мадалиевнинг концерт дастури жуда ҳам файзли ўтди. «Ватан» деб номланган дилрабо тарона Қиличбек Мадалиевнинг уч йиллик танаффусдан кейинги иккинчи яккахон концертига якун ясади.
Изоҳ (0)