Россияда ОИВга йўлиққанлар сони миллиондан ошиқлиги маълум қилинди
Айни пайтда Россияда одам иммунодефицити вирусига (ОИВ) чалинган миллиондан ортиқ одам рўйхатга олинган. Бу ҳақда ОИТС профилактикаси ва унга қарши кураш бўйича Федерал илмий-методик маркази раҳбари Вадим Покровский баёнот берди, деб хабар қилади «Интерфакс».
«Учинчи чорак якунларига кўра 1087339 Россия фуқароси ОИВга йўллиқан сифатида рўйхатга олинди, 233 минг киши ҳалок бўлди», — деди у агентликнинг марказий офисида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
У ОИВ инфекцияси жаҳоннинг барча мамлакатларини қамраб олгани боис уни пандемия деб аташ мумкинлигини таъкидлаб ўтди.
«Турли ҳисоб-китобларга кўра, ОИВ инфекцияси 40 миллиондан 50 миллионгача кишини ҳаётдан олиб кетди. Миқёсига кўра бу Биринчи Жаҳон урушидир», — деди Покровский.
Мутахассиснинг маълум қилишича, ОИВга йўлиқишнинг янги ҳолатлари бўйича Россия биринчи ўнталикка киради.