Москва шаҳар суди 2 миллион доллар пора олишда айбланаётган Россия иқтисодий ривожланиш вазирлиги собиқ вазири Алексей Улюкаевга нисбатан белгиланган уй қамоғини қонуний деб топди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
«Басман туман суди томонидан айбланувчи Улюкаевга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 2017 йилнинг 15 январига қадар уй қамоғининг тайинланиши ўзгаришсиз қолдирилсин, адвокатлар Гриднев ва Каштанованинг апелляция шикояти қаноатлантиришсиз қолдирилсин», — дейилади судья Лариса Полякованинг қарорида.
Шу тариқа Улюкаевга нисбатан уй қамоғи ҳақидаги қарор қонуний кучга кирди.
Ҳимоя Москва шаҳар судидан туман суди қарорини бекор қилиб, Улюкаевга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ эҳтиёт чорасини қўллашни сўраган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия иқтисодий ривожланиш вазири, 2 миллион долларлик порахўрликда айбланиб ҳибсга олинган Алексей Улюкаев икки ойга уй қамоғига маҳкум этилганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)