Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичида ҳарбий ихтилофлар қурбонлари рамзи бўлмиш лола-қизғалдоқ тасвири туширилган футболкаларда майдонга тушгани учун Уэльс ва Шимолий Ирландия терма жамоаларига нисбатан интизомий иш очди. Бу ҳақда Sky Sports телеканалига асосланиб, «ТАСС» маълум қилмоқда.
Шимолий Ирландия 11 ноябрь куни Озарбайжонни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. 12 ноябрь куни эса Уэльс термаси Сербия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
ФИФА лола-қизғалдоқ сиёсий рамз эканлигини айтиб, ҳар икки терма жамоага ушбу рамз туширилган футболкада ўйин ўтказишни тақиқлади. ФИФА қоидаларига мувофиқ, футболчиларнинг либосларидаги тасвирлар диний ёки сиёсий маънога эга бўлиши керак эмас. Бироқ Шимолий Ирландия ва Уэльс терма жамоаси бу тавсияга амал қилмади.
Аввалроқ шунга ўхшаш ҳолат Англия ва Шотландия терма жамоалари учрашувида кузатилганди. ФИФА ушбу мамлакат термаларига нисбатан санкциялар қўллаши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)