Қўшиқчи Амира Алибекова Нажот Агзамов раҳбарлигидаги «Maestro» продюсерлик маркази билан шартномаси якунига етгач, ўтган вақт давомида куйлаган қўшиқлари ва Амира тахаллусисиз қолиб кетганди. «Sayyod.com» бу ҳақда асл исми Аделя бўлган ва Амира бўлиб танилган қизнинг ўзидан фикр олди.
«Нажот Агзамов тахаллусим ва репертуаримдаги қўшиқлардан фойдаланиш ҳуқуқини менда қолдиришга ваъда берганди. Ҳатто, 16 ноябрь куни ҳуқуқшуносим билан келишим керак бўлган учрашувни ҳам тайинлаганди», — деб гап бошлади Аделя Алибекова.
«Бироқ бир кун аввал у ўз фикрини ўзгартирганини маълум қилиб, учрашувни бекор қилди. Ваҳоланки, 2011 йил директор Беҳруз Ғоипов гувоҳлигида, 5 йиллик шартнома тузишдан олдин қўшиқларим ва тахаллусимни ўзимда қолдиришга ваъда берганди. Мен эса кечаги кунга қадар ижро этган қўшиқларим сизлар билан қолишига ишонгандим».
«Нима ҳам дея оламан, бу унинг ҳуқуқи. У ном ва қўшиқларнигина олиши мумкин, қолгани эса Аллоҳдан», — деди Аделя.
«Амира лойиҳаси ёпилгандир. Бироқ бу Аделя Алибекова йўқ бўлганини билдирмайди. У ишлайди, ҳаракатда давом этади. Қолганини эса вақт жой-жойига қўяди. Яқин орада мухлисларимни янги қўшиқ ва клиплар билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламан», — деб фикрини якунлаган Хонанда.
Маълумот учун, Аделяга қўшилиб Эсмералда Раҳматова ҳам Тамила тахаллусидан айрилган. Продюсерлик маркази фақатгина Ягонанинг тахаллусини қўшиқчининг ўзида қолдирган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)