Дам олиш кунлари якунига етган футбол бўйича Европа миллий чемпионатлари ўйинларидан кейин бир қатор қизиқарли рақамлар чиқиб келди.
Мадриднинг «Атлетико» клуби пойтахт дербисида «Реал»га йирик ҳисобда имкониятни бой берди. Статистиклар маълумотига кўра, «Атлетико» Диего Симеоне жамоани қабул қилиб олганидан кейин энг ёмон стартни амалга оширган.
12-турдан кейин «Атлетико» ҳисобида 21 очко бор. Симеоне клубни қабул қилиб олган дастлабки йилда бу кўрсаткич 12-турдан сўнг 31 тани ташкил қилган бўлса, кейинги йилларда 33 ва 26 кўрсаткичлари бор эди. Бу сафар эса — 21.
«Атлетико» дарвозасига 3 та гол урган Криштиану Роналду эса Мадрид дербиларида энг кўп гол урган футболчига айланиб олди. Португалиялик футболчи бу каби ўйинларда ҳозирга қадар 18 та гол уриб улгурган.
Лондоннинг «Челси» клуби Премьер-Лига 12-туридан кейин 1-ўринга кўтарилиб олди. Антонио Конте жамоаси кетма-кет олти турни ўз фойдасига шунчаки ҳал қилибгина қолмай, ўз дарвозасидан гол ҳам ўтказмади. Сўнгги бор «Челси» Лондон дербисида «Арсенал»дан жавобсиз 3 та гол ўтказиб юборганди.
Шундан кейин «Халл Сити» 2:0, «Лестер» 3:0, «Манчестер Юнайтед» 4:0, «Саутгемптон» 2:0, «Эвертон» 5:0 ва «Мидлсбро» 1:0 ҳисобларида мағлуб этилди. Бош мураббий Антонио Конте италиялик экани инобатга олинса, «Челси» ҳимояда тартибли футбол намойиш қилаётганини тушуниш мумкин.
Изоҳ (0)