Англиянинг «Манчестер Сити» жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия терма жамоаси ва «Манчестер Юнайтед» сардори Уэйн Рунининг ичкиликбозлик билан боғлиқ воқеага ўз муносабатини билдириб, 31 ёшли футболчини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда «iSport.ua» хабар бермоқда.
«Футболчи бўлганимда мамлакат термасига чақирилар ва халқаро ўйинлардан сўнг баъзида спиртли ичимликлар истеъмол қилардим. Ҳеч қандай суратлар тарқалмагани омадим бўлган. Журналистлар ҳам ичиб туради. Ҳамма ўз қилмиши учун жавоб бериши керак. Рунини нафақат инсон сифатида, балки ажойиб футболчилик фаолияти учун ҳам ҳурмат қиламан. Бу воқеага изоҳ бера олмайман, чунки ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти бўлади», – деди испаниялик мутахассис.
Руни Англия термасининг Испанияга қарши 2:2 ҳисобида якунланган ўртоқлик ўйинида майдонга тушмади. «Уч шерлар» бош мураббийи вазифасини бажарувчи Гарет Саутгейт ҳужумчи тизза жароҳати туфайли майдонга туша олмаганини таъкидлаганди. Бироқ Буюк Британия матбуоти, хусусан, The Sun нашри Уэйн Руни ичкиликбозликка берилгани учун терма жамоа таркибидан жой олмагани ҳақида хабар берган.
Унинг суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгач, 16 ноябрь куни 31 ёшли футболчи расман узр сўраган.
Бундан хабар топган Англия футбол уюшмаси (FA) Уэйн Руни билан боғлиқ ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини олиб бориши ҳақида хабар қилинганди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)