Apple компанияси iPhone 6 Plus’нинг дисплейида нуқсон борлигини биринчи марта расман тан олди. Лекин, шунга қарамай, таъмир учун фойдаланувчиларнинг ўзи ҳақ тўлайди, компания уларга 50 фоизлик чегирма тақдим этади, деб хабар беради TJournal.
iPhone 6 ва iPhone 6 Plus смартфонлари фойдаланувчилари бир неча ойдан буён дисплейнинг «тач-хасталиги»дан нолиб келаётган эди. Уларнинг уқтиришича, сенсор секин-аста ишдан чиқиб боради. Аммо компания шу пайтгача бу нуқсонни тан олмай келаётган эди.
Энди компания iPhone 6 Plus таъмири учун 50 фоизлик чегирма таклиф қилмоқда. Ушбу смартфонларнинг дисплейини ўзгартириш 149 доллар туради.
Шу билан бирга, Apple’нинг дастури iPhone 6 га тааллуқли эмас — ушбу смартфонларда мазкур муаммо кам учрайди.
iFixit ва бошқа манбаларнинг уқтиришича, «тач-хасталик»нинг сабаби Apple ушбу телефонларни нотўғри конструкциялаганидир. Ушбу ускуналар корпуси тез деформацияга учрайди, пачоқланиш айниқса корпуснинг дисплей сенсори учун жавоб берадиган плата жойлашган қисмида рўй беради. Бундан ташқари, тач-сенсор махсус металлик қўшимчалар билан ҳимояланмаган.
Изоҳ (0)