Германиянинг автомобиль ишлаб чиқарувчи Porsche компанияси россиялик теннисчи Мария Шарапова билан ҳамкорликни қайта тикламоқчи, деб хабар бермоқда «Газета.ru».
Россиялик 29 ёшли спортчи Лос-Анжелес шаҳридаги автомобиллар шоусида Porsche Panamera’нинг тақдимотида иштирок этди.
2016 йилнинг март ойида Мария Шарапова тақиқланган препарат – мельдоний қабул қилгани учун Халқаро теннис федерацияси (ITF) томонидан икки йилга четлатилгач, Nike, Cole Haan, TAG Heuer, Head, Samsung каби компаниялар қаторида Porsche ҳам россиялик теннисчи билан ҳамкорликни тўхтатганди.
4 октябрь куни Спорт арбитраж суди Шарапованинг апелляциясидан сўнг унинг 26 январдан кучга кирган дисквалификациясини 24 ойдан 15 ойгача қисқартирди. Мария Шарапова 2017 йилнинг 26 апрель кунидан бошлаб теннис мусобақаларида иштирок этиши мумкин бўлади.
Эндиликда Porsche компанияси Мария Шарапова билан ҳамкорликни қайта тиклашга қарор қилди.
Аввалроқ АҚШнинг спорт кийимларини ишлаб чиқарувчи Nike компанияси Шарапова билан ҳамкорликни қайта тиклашга умид қилаётгани ҳақида хабар қилинганди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)