«Ўзэкспомарказ»да Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси якунланди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Ушбу ярмарка «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компаниялари, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси ва «Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси» масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Халқаро ярмаркада ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, совутиш ускуналари, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар ишлади. Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳаси ютуқлари ва янгиликлари барча вилоятлар экспозицияларида кенг намойиш этилди.
Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон каби мамлакатлардан икки юздан зиёд ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.
Анжуман доирасида иштирокчилар Тошкент, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Жиззах вилоятларидаги корхоналар, фермер хўжаликлари ва боғларда бўлиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар самаралари, мева-сабзавот етиштириш, сифатли сақлаш ва қадоқлаш тизими, экспортга тайёрлаш жараёни билан бевосита танишди.