eBay’нинг Россиядаги бош директори Владимир Долгов 57 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда, компания матбуот хизматига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Долгов ўлимининг сабаблари аниқлаштирилмаяпти. Компаниянинг Россиядаги ваколатхонасига ким раҳбар этиб тайинланиши унинг дафн маросимидан сўнг эълон қилинади.
Долгов ваколатхонага у очилган 2012 йилдан буён бошчилик қилиб келаётган эди. Бунга қадар у 2005 йилдан бери Google Russia бош директори, ундан ҳам илгари эса «Ozon.ru» интернет дўкони раҳбари лавозимларида ишлаган.