Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими мажлислар залида ногиронлар учун индивидуал реабилитация дастурларини тузиш ва бажариш бўйича янги услубий қўлланма тақдимотига бағишланган республика ўқуб-услубий семинари бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га БМТ Тараққиёт дастури маълумот берди.
Тадбир ташкилотчилари — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Республика тиббий-ижтимоий экспертизаси, БМТ Тараққиёт дастури кўмагида.
Семинар ишида мамлакатнинг барча минтақаларидан ташриф буюрган тиббий-меҳнат экспертизаси хизматининг 70 дан ортиқ мутахассиси, шунингдек, меҳнат, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ногиронлар реабилитацияси ва протезлаш миллий маркази, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган мақсад — БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқот ишининг якунларини муҳокама қилиш ҳамда ишлаб чиқилган янги услубий қўлланма тақдимотини ўтказиш. Услубий қўлланма тиббий-меҳнат экспертизаси комиссияси врачлари, соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари, поликлиникаларнинг даволовчи шифокорлари, реабилитация марказлари ишчилари, тиббий олийгоҳлар ўқитувчилари ва Врачлар малакасини ошириш институти тиббий-меҳнат экспертизаси комиссияси кафедраси курсантларига мўлжалланган.
Семинар давомида лойиҳа ишчи гуруҳи иштирокчиларининг чиқишлари, шунингдек, реабилитация марказлари ҳамда минтақавий тиббий-меҳнат экспертизаси комиссиялари мутахассисларининг чиқишлари тингланди. Уларда таъкидланишича, мавжуд индивидуал реабилитация дастурлари салоҳияти етарли даражада ишлатилмаяпти, уларнинг тўлақонли реализацияси эса аҳоли соғлиғининг мустаҳкамланишига жиддий ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Иштирокчиларга услубий қўлланма нусхалари тақдим этилди. Улар, шунингдек, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан мутахассислар ва кенг жамоатчиликни саломатлик кўрсаткичлари унификацияси билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ҳаёт фаолияти ва соғлиқ чекловлари Халқаро функционал таснифи билан танишиш имконятига эга бўлди.
Семинар иштирокчилари кўтарилган масалалар, шунингдек, уларни ҳал этиш бўйича таклиф этилган ечимлар муҳокамасида фаол иштирок этди. Тадбир якунларига кўра индивидуал реабилитация дастурини такомиллаштириш ҳамда уни жорий этиш сифатини ошириш бўйича асосий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)