Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашувни ЎзЛиДеПнинг Самарқанд вилояти кенгаши раиси М. Холмуҳамедов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатдаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Унда ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва одил судловни таъминлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва фаровонлигини юксалтириш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган.
Учрашув видеоконференция шаклида ўтди. Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.
«Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими кенгаши раиси Ҳ. Нормуродов, шоира Х. Бобомуродова, меҳнат фахрийси А. Ҳошимов, Паяриқ туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси А. Шулга, Каттақўрғон туманидаги Пайшанба шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Қ. Аҳмедов, Иштихон туманидаги 87-умумтаълим мактаби директори Ш. Умиров ва бошқалар дастурда белгиланган вазифалар мамлакатни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари миллий қонунчилик ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)