Наманган вилояти туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида замонавий реанимобиль автомобиллари топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Вилоятдаги барча туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, Наманган шаҳридаги 13 оилавий поликлиника, шунингдек, янги бунёд этилган ва капитал реконструкция қилинган биноларда фаолият юритаётган 200 дан зиёд қишлоқ врачлик пунктлари «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда.
«Ўтган йилларда туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли марказий поликлиникаларини жиҳозлаш ва кадрларни қайта тайёрлаш учун 11 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилди, — деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ‘Саломатлик-3’ лойиҳаси раҳбари Дилмурод Қодиров. — Мазкур муассасалар замонавий УТТ, гастрофиброскоп, кардиомонитор, жарроҳлик ва умумий амалиёт жамланмалари, ЭКГ ва лаборатория жиҳозлари ҳамда бошқа воситалар билан таъминланди. Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманларида энг такомиллашган рақамли рентген аппаратлари ишга туширилди. Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда эса 56 замонавий стоматология жиҳозлари ўрнатилди».
«Саломатлик-3» лойиҳасига мувофиқ Nissan русумли янги реанимобиллар Янгиқўрғон, Учқўрғон, Поп, Чуст, Косонсой, Норин, Чортоқ ва Тўрақўрғон туманлари тиббиёт бирлашмаларига топширилди. Улар туманларнинг узоқ тоғли қишлоқларида ҳам аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Изоҳ (0)