Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирлигида фуқаролар мурожаати назорати янада кучайтириш бўйича махсус ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келиб тушган фуқаро У. Майирова мурожаати юзасидан ўтказилган хизмат текшируви натижасида Шаҳрихон тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вазирликнинг Facebook’даги саҳифаси орқали хабар қилинди.
Меҳнат вазири А. Абдуҳакимов раислигида Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг ‘Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси Қонун талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида» 2016 йил 27 октябрдаги 366-сонли қарорининг вазирлик тизимида ижросини сўзсиз таъминланиши юзасидан жорий йилнинг 4 ноябрида барча меҳнат органлари ва тасарруфий ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида махсус ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Меҳнат вазири ҳар бир меҳнат органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижросини ўз вақтида ва тўлақонли таъминлаш орқали, ҳар бир фуқаро мурожаатида кўтарилган масалани моҳиятини англаш ва унинг тўлақонли ижросини таъминлаш энг асосий долзарб вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди.
Жорий йилнинг 3 сентябридан 4 ноябрига қадар Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига 3900 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, улардан 791 нафари (24 фоиз) Тошкент шаҳри, 670 нафари (15 фоиз) Тошкент вилояти, 496 нафари (13 фоиз) эса Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларда келтирилган масалаларни белгиланган муддатда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Аммо мурожаатларни кўриб чиқиш масалага айрим меҳнат органлари раҳбарлари томонидан масъулиятсизлик билан сансалорлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, ишга жойлашиш масаласи юзасидан амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган фуқаро У. Майирова мурожаати телефон орқали боғланиш имкони бўлмаганлиги баҳонаси билан аноним деб топилган ҳолда ўрганиб чиқилмаган ва фуқаро мурожаатини ҳал қилиш чораси кўрилмаганлиги учун меҳнат вазирлигининг ҳайъат йиғилиши қарорига асосан Шаҳрихон тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори О. Ўринбоев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Фуқаро У. Майирова эса жорий йил 21 октябрдан бошлаб тумандаги 17-мактабгача таълим муассасасига тарбиячи вазифасига ишга жойлаштирилди.
Йиғилиш давомида Меҳнат вазирлигининг «Ish.mehnat.uz» вакансиялар базасини тўлдиришга, мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтилди. Ҳозирги кунда вакансиялар базасида 68 мингдан зиёд бўш иш ўринлари бўлиб, ушбу база орқали фуқаролар тўғридан-тўғри яшаш манзили бўйича ўзига мақбул иш қидириш имкониятлари тўлиқ яратилган.
Йиғилиш давомида мурожаатларни кўриб чиқишда ва сайёр қабулларни ташкил этишда масъулиятсизликка йўл қўйилган айрим масъул ходимларга тегишли интизомий чоралар кўрилди ва меҳнат органлари олдида турган аниқ вазифалар белгиланиб олинди.
Изоҳ (0)