Суриядаги ҳарбий тўқнашувларда ҳукумат қўшинлари томонида туриб курашган Россия фуқароси, Давлат Думасининг Россия либерал-демократик партиясидан депутати Михаил Дегтярёвнинг ёрдамчиси Сергей Морозов ҳалок бўлди. Бу ҳақда, Reuters’га таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
Маълумотга кўра, у ва ҳалок бўлган яна бир Россия фуқароси — Максим Колганов Сурияга хусусий ҳарбий компания ходимлари сифатида борган эди.
Reuters’га кўра, 38 ёшли Морозов 2016 йилнинг 9 мартида, унинг бўлинмаси Пальмира яқинида артиллериядан ўққа тутилганида ҳалок бўлган эди. Жангда яраланган Морозов шифохонага етиб бормай, йўлда жон берган.
Депутат Дегтярёв Морозов дўсти бўлганини айтган ҳолда унинг ўлимини тасдиқлади.
38 ёшли Колганов эса шу йилнинг февралида Алеппо яқинидаги отишмада ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Иккиси ҳам Жасорат ордени билан мукофотлангани маълум.
Морозов ва Колганов Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани агентлик томонидан хабар қилинмоқда.
«У ҳарбий эмас эди, оддий йигит, оилапарвар, майда тадбиркор эди. Бир неча йил у билан алоқам бўлмади. У кўнгилли сифатида Донбассга кетганини биламан», — деди Дегтярёв.
Изоҳ (0)