Москва метросида аёл 3 ноябрь, пайшанба куни эрталаб ўз жонига қасд қилишга уринди. Бу ҳақда метрополитен ИИБ матбуот хизмати раҳбари Алексей Мишляев «Интерфакс»га маълум қилди.
«‘Павелецкая’ метро станциясида соат 8:50 да нохуш ҳодиса юз берди. 46 ёшли москвалик аёл ўз жонига қасд қилиш мақсадида платформадан яқинлашиб келаётган поезд тагига ўзини ташлади», – деди Алексей Мишляев.
Хабарда қайд этилишича, поезд машинисти аёлни кўриб қолди ва фавқулодда тўхташни амалга оширди. Аёл поезд тагида қолиб кетди.
«8:52 да электр токининг қаттиқ йўлга таъминлови тўхтатилди. Платформадан пастга сакраган полиция ходими аёлнинг поезд тагидан чиқишига ёрдам берди. Зудлик билан тез тиббий ёрдам хизмати чақирилди», – деб қўшимча қилди Мишляев.
Хабарда қайд этилишича, жабрланган аёл платформага олиб чиқилганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни полиция хонасига олиб борди ва у ерда ёрдамга етиб келган тиббий хизмат ходимлари уни кўрикдан ўтказди. Аёлда шикастланиш ва пайларнинг чўзилиши аниқланди.
Айни вақтда жабрланган аёлни дастлабки руҳий экспертизадан ўтказиш ва профилактик марказга жойлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)