Ироқ ҳукумат кучлари Мосул бўйлаб берилган авиазарбалар давомида ИШИД террорчилик гуруҳининг юзга яқин жангарисини йўқ қилди. Бу ҳақда «Ал-Жазира» телеканали маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Ироқнинг F-16 қирувчи самолётлари жангариларнинг бешта позицияси бўйича, жумладан, шаҳар марказидаги ИШИД штабларидан бирига зарба берган. Ҳукумат кучлари шарқий ва жанубий йўналишларда муваффақиятли ҳаракатланмоқда.
Ироқ армияси Мосул яқинида 11 та аҳоли пунктини озод қилди, шунингдек, шарқий Кокжали туманида тўлиқ назорат ўрнатди.
Мосулни озод этиш бўйича ердаги операция 17 октябрь куни тонгда бошланган эди. Унда Ироқ ҳукумат кучларидан ташқари, курд тузилмалари, шунингдек, АҚШ бошчилигидаги халқаро аксилтеррорчилик коалицияси иштирок этмоқда.
31 октябрь куни Ироқ махсус топшириқли бўлинмаси Мосулга шарқдан ҳужум қилишни бошлади, 1 ноябрь куни мамлакат ҳарбий хизматчилари шимолий йўналишда ҳаракатлана бошлади. Ҳукумат кучлари шаҳар марказидага қараб ҳаракатланишда давом этмоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)