Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби раҳбарияти ва футболчилари 28 октябрь, жума куни пойтахтдаги 23-сонли меҳрибонлик уйига ташриф буюрди. Бу ҳақда «темирйўлчилар»нинг Telegram’даги канали орқали маълумот берилди.
Учрашув аввалида «Локомотив» сардори Темур Кападзе меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига клуб ва футболчилар ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг, тарбияланувчилар футболчиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди.
Суҳбат давомида Ислом Тўхтахўжаев, Сервер Жепаров ҳамда Игнатий Нестеров каби ўйинчилар катта футболга қай тариқа кириб келгани, муҳим учрашув ва мусобақалар олдидан қандай тайёргарлик олиб бориши ҳамда ёш болаларнинг ўзлари каби машҳур спортчи бўлиб етишиш учун нималар қилиши лозимлиги ҳақида гапириб ўтди.
Учрашув сўнгида «Локомотив» аъзолари меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига турли совғалар ва спорт анжомларини тақдим қилди ҳамда улар билан эсдалик учун суратга тушди.
Изоҳ (0)