29 октябрь, шанба куни соат 15:00 да бир қанча олий ўқув юртларида истовчилар ўзбек тилидаги билимларини текшириб кўриш имкониятига эга бўлди. Шаҳарнинг олти нуқтасида «Diktant.uz» лойиҳаси доирасида барча хоҳловчилар учун синов диктантлари ўтказилди, деб хабар беради «Indeks.uz».
Тадбир ташкилотчилари — UzInfocom маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.
Хат-саводини текшириш учун белгиланган жойларга 100 дан ортиқ иштирокчи ташриф буюрди. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчилари уларга диктант матнларини ўқиб берди. Диктант учун Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобидан парча танлаб олинди.
Синов диктантлари Алоқа тарихи музейида, Тошкент давлат шарқшунослик институтида, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетида бўлди.
Ташкилотчилар биринчи тажриба муваффақиятли ўтганини таъкидлаб ўтди. Келажакда лойиҳани янада кенгайтириб, синов диктантларини вилоятларда ўтказиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)