Вилоят ахборот-кутубхона маркази Самарқанд давлат университети билан ҳамкорликда «Самарқанд музейлари» номли янги сайтни ишга туширди. Бу ҳақда «Самаркандский вестник» хабар бермоқда.
Дизайни кишини бефарқ қолдирмайдиган янги сайтдан «Янгиликлар», «Музейлар», «Кўргазмалар», «Виртуал саёҳат» каби бўлимлар ўрин олган. Фойдаланувчилар ўлкашунослик музейи, Садриддин Айний уй-музейи, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Самарқанд давлат университети зоология музейи ва бошқа муассасалар ҳақида тўлиқ маълумот олиши, уларга тааллуқли суратларни томоша қилиши мумкин.
Сайт яратувчилари Регистон ансамбли, Бибихоним масжиди, Улуғбек обсерваторияси, Гўри Амир, Шоҳи Зинда, Оқсарой мақбаралари бўйлаб виртуал саёҳатга таклиф этади. Ушбу бўлимда фотосуратлар 3D шаклида бажарилган бўлиб, бу фойдаланувчиларга қадимий обидаларни янада яққол ҳис этиш имконини беради.
Изоҳ (0)