Рио–2016 ёзги Олимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида меҳмон бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
INFOLIB–2016 V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон ифтихорлари – Олимпия ўйинлари чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров (бокс, -64 кг), Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиблари Рустам Тўлаганов (бокс, -91 кг), Муроджон Аҳмадалиев (бокс, -56 кг) ва Ихтиёр Наврўзов (эркин кураш), шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон бокс федерацияси вакиллари, ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари, Тошкент шаҳри мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари ҳамда Миллий кутубхона фойдаланувчилари қатнашди.
Тадбирда спортчилар ўзларининг спортга бўлган қизиқишлари, қўлга киритган ютуқлари ва Олимпия ўйинларидан олган таассуротлари билан бир қаторда қандай китобларни мутолаа қилишлари ҳақида ҳам сўзлаб берди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар спортчилар билан суратга тушиб, улардан дастхатлар олди.
Изоҳ (0)