Apple компанияси кавиатураси устида OLED технологияси бўйича ишланган Touch Bar сенсорли панелига эга янги авлод MacBook Pro тақдимотини ўтказди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Ускуна 13 ва 15 дюймли дисплейларга эга вариантларда сотувга чиқарилади. Apple вакилларининг таъкидлашича, бу тарихдаги энг юпқа ва енгил MacBook Pro’дир. Ускуна вазни — 1,8 килограмм.
Янги авлод MacBook’нинг асосий янгилиги — Touch Bar сенсорли панели. У юпқа Retina-дисплейдан иборат бўлиб, клавиатура устида жойлашгандир. У multitouch технологиясини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, ишлаётган дастурга қараб тегишли ахборотни акс эттиради.
Унинг ёрдамида видеони ўтказиш ёки матнни форматлаш мумкин. Бундан ташқари, энди MacBook’да iPhone ва iPad’даги сингари предиктив киритиш жорий этилди. Бунда сўзлар сенсорли панелнинг ўзида пайдо бўлади.
Touch Bar’нинг ўнг четида Touch ID бармоқ излари сканери жойлашган. Янги панел Apple’га клавиатурадаги тугмаларнинг бир қисмидан, жумладан, Esc ва F1–F12 дан воз кечиш имконини берди.
Изоҳ (0)