АҚШ президенти Барак Обама кичик қизи Саша дўстлари қаршисида Snapchat мессенжерида унинг устидан кулгани ҳақида ҳикоя қилиб берди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар қилмоқда.
Обаманинг сўзларига қараганда, унинг 15 ёшли қизи оилавий тушлик чоғидаги суҳбатни ёзиб олиб, уни мобил дастур орқали дўстларига йўллаган.
Обама қизидан Snapchat мессенжери ҳақида сўраган, сўнг рафиқаси билан ижтимоий тармоқларнинг аҳамияти ҳамда улардан фойдаланишнинг салбий ва ижобий жиҳатлари ҳақида фикр алмашган.
«Қизим суҳбатимизни ёзиб ўтирганини пайқадим. У ёзувни дўстларига йўллаган ва унга ‘Отам бизга ижтимоий медианинг аҳамияти хусусида маъруза ўқияпти’ деган изоҳ қолдирган», — деди Обама.
Бу сўзларга Сашанинг зерикаётгани акс этган фотосурати илова қилинган.
АҚШ президентининг таъкидлашича, ушбу «маъруза» рафиқаси Мишелга ва катта қизи Малияга маъқул тушган.
Изоҳ (0)