«Ницца» футбол клуби 14 июль куни шу шаҳарда содир этилган теракт қурбонларининг оилаларига моддий кўмак бериш мақсадида хайрия аукционини ўтказди. Ташкилотчилар умумий миқдорда 121,5 минг евро тўплай олди, деб хабар беради «ТАСС».
Ким ошди савдосининг асосий лоти «Ницца» формасининг коллекцион серияси комплектлари бўлди. Реклама логотипларидан холи оқ футболкаларга юрак чизилган бўлиб, унинг ичига фожиа қурбонларининг исмлари битилган. Футболкаларнинг орқа қисмига жамоанинг ҳозирги таркиби ўйинчиларининг исмлари ва дастхатлари туширилган.
Энг қиммат харидлардан бири шу мавсумдан жамоа таркибида тўп сураётган Марио Балотеллининг фамилияси туширилган футболка бўлди — уни 11,1 минг еврога «Ницца» клубининг собиқ президенти Андре Дюбуа харид қилди. Харидорлар орасида, шунингдек, клубнинг собиқ ўйинчиси Хатем бен Арфа, Франция футбол федерацияси, профессионал футбол лигаси ва «Монпелье» футбол клуби вакиллари бор эди.
Тўпланган маблағлар 14 июль қурбонларининг оилаларига кўмак тарзида етказилади.
Изоҳ (0)