Эртага — 24 октябрь куни Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё Чемпионатининг чорак финалида Эронга қарши майдонга тушади.
Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида жойлашган Radisson Blu Diplomat меҳмонхонасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Жасур Абдураимов Эронга қарши ўйин олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирок этди. Унинг фикрлари ЎФФ матбуот хизмати томонидан келтириб ўтилди.
«Эрон Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Футболчилари жисмонан бақувват ва техникаси кучли, тактик тайёргарлиги ҳам жойида. Менинг жамоам эса бундай рақибга қарши ўйнашга тайёр», — деб сўз бошлади Абдураимов.
«Хитойга қарши ўйинда асосий футболчиларимизга дам бердик. Ўша куни таркибда майдонга тушган футболчилар ҳам ўзларини кўрсата олди. Бу билан биз барча йигитларни синовдан ўтказиб олдик ва кимнинг бўлажак ўйинларига тайёр экани борасида хулосага келдик. Эртага Эронга қарши қизиқарли, жиддий, шу билан биргаликда ҳаммага ёқадиган ўйин бўлади», — деб таъкидлади Жасур Абдураимов.
Эрон терма жамоаси бош мураббийи Амирхусайн Пейровани эса Ўзбекистон ёшлари шаънига илиқ фикрлар билдирди: «Ўзбекистон турнирнинг энг яхши жамоаларидан бири. Бизга осон бўлмаслиги аниқ. Ўйин фейр-плей қоидалари асосида ўтиб, жамоалар унда яхши ҳаракат қила олишларига умид билдираман».
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Эрон ёшлар термалари ўйинида ғолиб чиққан жамоа 2017 йил Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Изоҳ (0)