23 октябрь куни футбол бўйича Англия Премьер-Лигасининг 9-турида «Челси» ҳамда «Манчестер Юнайтед» клублари ўзаро тўқнаш келади.
«Стемфорд Бридж» стадионида ўтадиган ўйин олдидан «Челси»нинг собиқ, «Юнайтед»нинг амалдаги бош мураббийи Жозе Моуриньо Лондон клубидан қандай қилиб кетгани ҳақида сўзлаб берди, деб ёзди «Чемпионат».
«Абрамович мени ҳайдашга қарор қилди. Бу икки томоннинг хулосаси эмасди. Шунга қарамай, мен ким ҳақиқадидар ёмон фикр билдира олмайман. Менга айтишларича, бу клуб эгасининг қарори бўлган. Мен эса буни хотиржам қабул қилдим ва биз қоғозларга имзо чекдик», — деди Моуриньо.
«Истеъфо футболнинг бир қисми. Дунёнинг мана-ман деган мураббийлари ҳам ҳеч бўлмаганда бир бор истеъфо беришга мажбур бўлган. Албатта истисно ҳолатлар мавжуд, бироқ замонавий футболда бу ҳар ким билан рўй бериши мумкин бўлган ҳолат».
«Мен Англияда қолишга қарор қилдим. Кўриб турибсизки, «Юнайтед»дек катта клубда иш бошлаш насиб қилди. «Челси»дан кетганимдан кейин Лондонда яшадим, спорт залга бордим, футбол томоша қилдим. Фикрларимни, қарашларимни позитив руҳда ушлашга ҳаракат қилдим. Агар мен ҳеч нарса юта олмаган клубимдан кетганимда, балки оғирроқ бўларди. Бироқ биз мамлакат чемпиони бўла олганмиз, мухлисларда ёрқин хотиралар сақланиб қолган», — деб фикрини якунлади Жозе Моуриньо.
Изоҳ (0)