Ўзбекистон — Хитой ўйинидан кейин Сервер Жепаров Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида энг кўп учрашув ўтказган футболчига айланиб олди.
Бунга қадар мамлакат бош жамоаси шарафини 119 учрашувда ҳимоя қилган Тимур Кападзе гвардиячи бўлиб турганди, Жепаровда эса эндиликда ўйинлар сони 120 тага етди ва у бу борада барча ўзбекистонлик футболчилардан илгарилаб кетди.
«Championat.asia» сайти Сервер Жепаров фаолияти билан боғлиқ бўлган фотосуратларни намойиш қилди. Унда ярим ҳимоячининг карьераси қисқача баён этилган.
Сервер Жепаров 1982 йилнинг 3 октябрь санасида Чирчиқ шаҳрида дунёга келган.
Профессионал футболчилик фаолиятини «Навбаҳор»да бошлаган Сервер 2001 йилда «Пахтакор» билан шартнома тузди ва 6 бор Ўзбекистон чемпиони бўлди, Ўзбекистон кубогини қўлга киритди.
2007 йилда юлдузли «Бунёдкор»га кўчиб ўтган Сервер жамоа сардорига айланади ва «қалдирғочлар»нинг икки карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритишига ёрдам берди. Шунингдек, 2009 йил Ўзбекистон кубогида зафар қучди.
Сервер Жепаров миллий терма жамоадаги дебютини 2002 йил Словакияга қарши баҳс билан бошлаган. Термадаги илк голини эса 2004 йилда Фаластин терма жамоаси дарвозасига урган.
2009 йилда Жепаров «Бунёдкор»ни «Барселона»га қарши баҳсда сардор сифатида майдонга олиб чиққан эди.
Сервер Жепаров 2008 йил «Осиёнинг энг яхши футболчиси» номига сазовор бўлди.
2010 йилда Жанубий Кореянинг «Сеул» жамоаси Жепаровни «Бунёдкор»дан ижарага олган, кейинроқ клуб футболчи билан уч йиллик шартнома тузди. Сервер бу жамоа билан Корея чемпионлиги ва Лига кубогини боши узра баланд кўтарган.
2011 йилда Сервер Жепаров яна бир бор «Осиёнинг энг яхши футболчиси» деб топилди.
2011 йилда Осиё футболидаги энг шов-шувли трансферлардан бири амалга ошди. Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси «Сеул» жамоасидан Саудия Арабистонининг «Аш-Шабоб» жамоасига кўчиб ўтади. Бир йилдан сўнг Сервер Жепаров Саудия Арабистонида ҳам чемпионликни қўлга киритади.
2013 йилда Сервер Жепаров ўзи учун бегона бўлмаган Жанубий Корея чемпионатига қайтди. Бу сафар у «Сеонгнам Илва» билан шартнома имзолайди ва 2014 йилда яна бир совринни қўлга киритади. Бу сафар у Корея футбол ассоциацияси кубогида зафар қучганди.
Сервер Жепаров 2015 йилда Жанубий Кореянинг яна бир номдор жамоаси «Улсан Хюндай»га кўчиб ўтади.
Ушбу мавсум бошида Сервер Жепаров ва ниҳоят Ўзбекистон чемпионатига қайтди. У Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси билан шартнома имзолади. Ҳозирда «Локомотив» турнир жадвалида карвонбошилик қилмоқда. Агар мавсум якунига кўра «Локомотив» чемпион бўлса, бу Сервер Жепаров учун 9-чемпионлик бўлади.
Сервер Жепаров Хитойга қарши кечган баҳсда майдонга тушди. Бу футболчининг терма либосидаги 120-ўйини бўлди ва ўйинлар ўтказиш борасида яққол рекордчига айланди.
Сервер Жепаров оилали. Унинг уч нафар фарзанди бор. Ўғлининг исми Раул, қизлари эса Вероника ҳамда Мия.
Изоҳ (0)