Жанубий Кореянинг Samsung Electronics компанияси Note брендидан фойдаланишдан воз кечади. Унинг катта экранли флагман смартфонлари шу бренд остида чиқар эди. Бу ҳақда корпорация штаб-квартираси маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
«Samsung Electronics раҳбарияти Note номидан фойдаланишдан воз кечиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Чунки охирги ҳодисалар ушбу бренднинг нуфузини том маънода йўқ қилди», — дея маълум қилди компания ходими.
Унинг сўзларига қараганда, янги Galaxy Note 7 смартфони билан боғлиқ можародан сўнг истеъмолчиларнинг бу маҳсулотга бўлган ишончи барбод бўлди.
«Сўров натижаларига кўра, унда иштирок этганларнинг 50 фоиздан ортиғи, жумладан Жанубий Кореяда ҳам, қурилмага нисбатан салбий фикр билдирган. Бундай вазиятда ушбу брендни тўлиқ бекор қилиш мумкин», — деди у.
2 сентябрь куни Samsung Electronics Galaxy Note 7 смартфонининг сотувини тўхтатиш ва ялпи чақириб олиш ҳақида эълон қилди. Бу улардаги ўз-ўзидан портлаб кетиши мумкин бўлган аккумулятор батареяларидаги муаммо билан боғлиқ.
13 октябрь куни Samsung Electronics компанияси Жанубий Кореяда Galaxy Note 7 смартфонлари учун товон пули тўлаш ва уларни бошқа моделларга алмаштириб беришни бошлади.
Изоҳ (0)