Ўзбекистонлик теннисчилар Денис Истомин ва Санжар Файзиев Tashkent Challenger—2016 чорак финалига йўлланма олди, деб ёзди «Оламспорт».
Мусобақани сенсацион ғалаба билан бошлаб, ўзидан 377 поғона олдинда бораётган теннисчи Евгений Донскойни мағлуб этган Санжар Файзиев, иккинчи босқичда Александр Неедовесовга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди.
Жаҳон рейтингида 204-ўринда бораётган қозоғистонлик теннисчига қарши ўйиннинг биринчи сетини Файзиев 0:6 ҳисобида бой бериб қўйганди. Кейинги икки сетдаги ғалаба эса унга чорак финал эшикларини очди — 7:6, 6:3.
Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин мукофот жамғармаси 125 минг АҚШ доллари бўлган турнирнинг иккинчи босқичида украиналик Денис Молчановни таслим қилди — 4:6, 6:3, 6:2.
Истомин дунё рейтингида 125-ўринда бўлса, Молчанов 101-поғонада қайд этилган.
Ярим финал йўлида Истомин хорватиялик Иван Додига қарши кортга тушади. Санжар Файзиев эса россиялик Константин Кравчукка қарши баҳс олиб боради.
Изоҳ (0)