Португалиянинг собиқ бош вазири Антониу Гутерриш БМТ бош котиблигига унинг номзоди танлангани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Ҳозир нима ҳис этаётганимни тушунтириш учун иккита сўз етарли — миннатдорлик ва тавозе», — деди у.
«Биринчи навбатда, БМТ Хавфсизлик Кенгашига билдирилган ишонч учун, шунингдек, Бош Ассамблея ҳамда барча аъзо давлатларга миннатдорлик билдираман», — қўшимча қилди бўлажак бош котиб.
Гутерриш Хавфсизлик Кенгаши бўлажак бош котиб номзодини танлашда тез ҳаракат қилгани ва бирдамлик кўрсатганини эслатиб ўтди.
«Итоаткорлик ва садоқат террор, ихтилофлардан азият чекканларга, ҳуқуқлари бузилаётганларга, қашшоқлик ва адолатсизлик қурбонларига хизмат қилиш учун зарур», — деди Гутерриш.
Илгарироқ БМТ Хавфсизлик Кенгаши Гутерришнинг номзодини қўллаб-қувватлагани маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)