Southwest Airlines авиакомпаниясининг Луисвиллдан Балтиморга парвоз қилиши керак бўлган 944-рейси Galaxy Note 7 смартфони ёниб кетганлиги туфайли эвакуация қилинди. Бу ҳақда The Verge маълум қилди, деб ёзади TJournal.
Қурилма смартфонларнинг хавфсиз деб қайд этилган янги партиясига тегишли эди.
Ҳодиса маҳаллий вақт бўйича тонгги 5 да содир бўлган. Америкалик Брайан Грин парвоз олдидан Galaxy Note 7’ни ўчириб, уни чўнтагига солиб қўйди. Шу пайт смартфон тутай бошлади.
Note 7’нинг эгаси уни чўнтагидан чиқариб полга ташлагандан кейин тутун кулранг-яшил рангга кирган. Экипаж ва йўловчилар зудлик билан эвакуация қилинган. Қимматбаҳо буюмлари учун самолётга қайтган баъзи гувоҳларнинг сўзларига қараганда, кейинроқ смартфон ёниб кетган ва гилам қопламасини куйдирган.
Гриннинг таъкидлашича, қурилма фақат 80 фоизга қувватланган эди ва у харид қилгандан буён фақат расмий симсиз қувватлаш воситасидан фойдаланиб келган.
944-рейс бекор қилинган, йўловчилар эса бошқа самолётларга ўтказилган.
Samsung ҳозирча ҳодисага изоҳ бермади, Гриннинг ўзи эса қурилмани iPhone 7’га алмаштирганини маълум қилди.
Изоҳ (0)